Ўз касбининг фидойилари

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам таълим муассасаларини фаолиятини тубдан яхшилаш, уларни тўлиқ реконструкция қилган ҳолда қулай шароитлар яратишга катта аҳамият берилмоқда.

Жумладан, ушбу мақсадлар йўлида жорий йил Инвестиция дастури доирасида Олтинкўл туманидаги 21-сонли мактабгача таълим муассасасига 872 миллион 900 минг сўм маблағ йўналтирилди. Натижада «Жалабек» МФЙ ҳудудидаги кўркам ва муҳташам бинолар сони яна биттага кўпайди. Икки қаватли бинонинг ички ва ташқи тарафлари тўлиқ реконструкция қилинди. Бажарилган ишларнинг сифати бу ерда меҳнат қилган қурувчиларнинг юксак дид ва кўп йиллик тажрибаларидан далолат бериб турибди.

Дарҳақиқат, Мунисхон Исмонова раҳбарлик қилаётган «Оятбек» кўп тармоқли хусусий фирмаси ишчилари нафақат Балиқчи туманида, балки Андижон вилояти миқёсида бир-биридан кўркам бино ва иншоотларни барпо этиб, кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлган. 1992 йилда ташкил этилган мазкур фирманинг тажрибали жамоаси ўтган давр мобайнида вилоятдаги 714 та қурилиш объектларида бунёдкорлик ишларини бажарган. Қўрғонтепа туманидаги 40-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Олтинкўл туманидаги 21-сонли мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилган кенг кўламдаги қурилиш-монтаж ишлари «Оятбек» хусусий фирмаси бунёдкорларининг жорий йилда бажариладиган иш режасидан жой олган эди.

– Кўпчилик раҳматли отам Абдулҳамид Холиқовни машҳур қурувчи сифатида ҳурмат билан ёд этишади, – хотирлайди М. Исмонова. – Чунки отам ва у кишининг ҳамкасблари томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган бино ва иншоотлар ҳали-ҳануз эл-юрт хизматида. Гарчи касбим педагог бўлса-да, ота касбига бўлган интилиш, меҳр мени ушбу соҳага етаклади. Натижада 1992 йилда мазкур корхонага асос солдим. Қолаверса, турмуш ўртоғим Каримжон Исмонов ҳам олий маълумотли қурувчи. Яратганга шукр, фарзандимиз Жасурбек ота-боболарининг касбини давом эттирмоқда. Шу боисдан бўлса керак, «Оятбек» хусусий фирмаси ҳар тарафлама ривожланиб, тезда оёққа туриб олди. Айни пайтда фирмамизда 47 нафар киши меҳнат қилмоқда. Улар орасида иш юритувчи Анваржон Деҳқонов, қурувчилар бригадасининг бошлиғи Бурхониддин Рахмонов, ишчилардан Қудратилла Умматов, Рустамжон Ҳожимуродов, Санжарбек Ҳолиқов ва бошқалар ўзларига бириктирилган ишларни тез ва сифатли бажаришади.

– Айни пайтда муассасамизда Жалабек қишлоғида яшовчи аҳолининг 80 нафар жажжи ўғил-қизлари тарбияланишмоқда, – дейди Олтинкўл туманидаги 21-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Феруза Умрзоқова. – Кенг, ёруғ ва шинам, барча қулайликларга эга бўлган хоналарда болажонлар ёшларига қараб тўрт гуруҳга бўлинганлар. Уларга Зуҳра Раҳимова, Мадина Мамазокирова, Ойдиной Убайдуллаева каби ўз касбининг фидойилари таълим ва тарбия бермоқдалар. Айниқса, мусиқа фани мураббийси Ғайратбек Абдуқодировнинг ҳар бир машғулоти болажонлар таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизларга мана шундай қулай шароитлар яратиб берган муҳтарам Юртбошимизга, қолаверса барча қурувчиларга миннатдорчилик билдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича жорий йилда Андижон вилоятида 25 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-монтаж ишлари режалаштирилган. Айни дамда ушбу режаларни ўз вақтида, беками-кўст амалга ошириш юзасидан барча чоралар кўрилмоқда.  Жумладан, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати»  инжиниринг компаниясидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бунёдкорлик ишлари айниқса, Андижон туманидаги 20- ва 62-, Асака туманидаги 42- ва 57-, Олтинкўл туманидаги 21- ва 33-, Жалақудуқ туманидаги 29-, Избоскан туманидаги 31-, Улуғнор туманидаги 6-сонли мактабгача таълим муассасаларида ўта уюшқоқлик билан олиб борилган. Шу боис, болажонлар маскани давр талаблари даражасига мос равишда реконстуркция қилиниб, замонавий шакл-шамойилга келтирилган. Йил якунига қадар эса Инвестиция дастурида белгиланган барча бунёдкорлик ишлари ўз ниҳоясига етказилади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Андижон туманидаги 20-сонли умумтаълим мактаб жамоаси учун ҳам қутлуғ саналардан бирига айланди. Сабаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги «2017 йил ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконстукция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан мазкур мактаб ҳудудида бир қатор бунёдкорлик ишлари бажарилди. Мазкур ишларга давлат бюджетидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 180 ўринли икки қаватли замонавий мактаб биноси, 12х24 хажмдаги спорт зали ўқувчи ёшлар ихтиёрига топширилган. Бундан ташқари, Муроджон Қўзибоев бошчилигидаги «Комфорт люкс элегант» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан мактаб ҳудудида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, мактабнинг эски биноси тўла-тўкис таъмирланиб, таълим муассасасининг ҳовлиси текисланиб, йўлаклар бетонлаштирилди. Мактаб ҳудуди айланасига девор билан ўралиб, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Қурилиш-монтаж ишларида иш юритувчи Сойибжон Позилов, қурувчилар бригадасининг бошлиғи Рўзибой Ғозиев, ишчилардан Икромжон Мўминов, Ҳабибулла Нуралиев, Азимжон Ашуров ва бошқалар фаол иштирок этиб, ҳамкасбларига ибрат бўлишмоқда.

Халқ орасида «Ҳа» деган туяга мадад» деган ҳикматли сўз юради. Мазкур билим масканининг собиқ раҳбари, айни пайтда фахрий муаллимлардан бири Шавкат Келдиевнинг жонбозлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Устознинг таъкидлашича, Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Андижонфуқаролойиҳа» масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари Обоқўл Мирзаев ушбу мактаб битирувчиси ҳисобланади. Янги мактаб лойиҳаси эса собиқ ўқувчи томонидан тайёрланган.

– Замонавий мактаб биносида ишлашнинг ўзига яраша завқи, айни пайтда масъулияти бўлади, – дейди 20-сонли умумтаълим мактабининг директори Ойдиной Акбарова. – Жорий ўқув йилида билим даргоҳимизда 491 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларнинг 266 нафарини бошланғич синф ўқувчилари ташкил этади. Ўқувчи ёшларни ҳар тарафлама етук инсон бўлиб камол топишлари учун давлатимиз, шахсан муҳтарам Президентимиз томонидан катта имконият ва қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Мактабимизда 12х24 ҳажмдаги янги спорт залининг бунёд этилгани ёшларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ушбу эзгу ғоялар йўлидаги лойиҳалар асосида Андижон вилояти Халқ таълими бошқармасига қарашли 21 та умумтаълим мактабида улкан бунёдкорлик ишлари режалаштирилган. Айни пайтда мазкур билим юртларида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ўзининг якуний босқичига етган. Фойдаланишга топширилаётган кўркам ва замонавий ўқув масканлари ўқувчиларимизга таълим ва тарбия олишларида улкан шижоат бахш этиши баробарида, юртимиз кўркига кўрк бағишламоқда. Бу эзгу ишларда вилоятнинг меҳнатсевар қурувчи, лойиҳачи ва меъморларининг улкан ҳиссалари бор

.

Маъмур МУСУЛМОНОВ,

 «O‘zbekiston bunyodkori» мухбири. 

Норматив ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Барча норматив ҳужжатлар
Эълонлар
Барча эълонлар
Тадбиркор учун ер участкалари
Презентациялар
Қурилиш пудрат ташкилотлар реестри