Тадқиқот натижалари эълон қилинди

15 ноябрь куни пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» («Interkontinental») меҳмонхонасида ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари ҳамда ҳудуддаги экологик ҳолатни ўрганиш бўйича ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ва экологик тадқиқотларнинг асосий натижалари тақдимоти, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил этиш юзасидан билдирилган таклифлар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан БМТнинг Орол денгизи инқирози оқибатларидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича Қўшма дастури доирасида ташкил этилган анжуманда бир қатор вазирлик ва идоралар, дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни олиб борган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер Орол денгизи инқирози оқибатлари нафақат мамлакат ва Марказий Осиё минтақаси, балки ундан ҳам кенг ҳудудни қамраб олганини таъкидлади.

– Мазкур экологик муаммонинг нақадар долзарблигини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ҳамда яқинда Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда сўзлаган нутқларида ҳам айтиб ўтди, – деди Хелена Фрейзер хоним. – Ўз навбатида, Оролбўйи минтақасида юзага келган мураккаб вазиятни юмшатиш чора-тадбирлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маълумотларга кўра, Оролбўйи минтақасидаги аҳолининг эҳтиёжлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни ўрганиш бўйича тадқиқот юқорида тилга олинган Қўшма дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда жорий йилнинг август ойида ўтказилган бўлиб, унга Орол денгизи инқирози оқибатида энг кўп зарар кўрган 8 та туман, ана шу туманлардаги 116 та маҳалланинг 1600 та уй хўжалиги жалб этилди.

– Тадқиқот минтақада денгизнинг қуриши оқибатида зарар кўрган аҳоли эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш, муаммоларни ҳал этиш учун қўшимча ресурсларни жалб этиш ҳамда 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида халқаро ҳамкор ташкилотлар ёрдамининг жойларга етказилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти директори Турсун Аҳмедов ўтказилган тадқиқот натижалари тақдимоти давомида. – Тадқиқот гуруҳи аъзолари тадқиқот давомида аҳолидан ташқари вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари, фермерлар билан учрашиб, улар иштирокида суҳбатлар уюштирдилар, тегишли масалаларни муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, мазкур тадқиқот ҳудудлардаги инфратузилмаларнинг ҳолати, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий хизмат турларининг мавжудлиги ва сифат даражасини баҳолаш орқали уй хўжаликлари учун яратилган шароитлар бўйича батафсил маълумот олиш имконини берган. Тадқиқот натижалари ўрганилган ҳудудларни ривожлантириш бўйича қўшимча тадбирларни ишлаб чиқишда амалий аҳамиятга эга бўлиб, ўз навбатида БМТ ҳомийлигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил этиш учун Дастур стратегиясини ишлаб чиқишга асос сифатида хизмат қилади.

Т. Турсуновнинг маълум қилишича, жойларда ўтказилган сўровлар давомида аҳоли биринчи навбатда ҳудуддаги экологик ҳолат, жумладан, сув, тупроқ ва ҳавонинг ифлосланаётганидан ташвишда эканлиги, бундан ташқари ишсизлик, мактабгача таълим муассасаларининг етишмаслиги, транспорт тизими, хусусан, ички хўжалик йўлларининг аҳволи, аҳолининг дори-дармон билан таъминланиши билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Тадбир якунида тадқиқот натижалари яқин вақт ичида интернетда очиладиган портал орқали кенг омма эътиборига ҳавола этилиши

айтиб ўтилди.

Шуҳрат ХЎЖАЕВ,

 «O‘zbekiston bunyodkori» мухбири. 

Норматив ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Барча норматив ҳужжатлар
Эълонлар
Барча эълонлар
Тадбиркор учун ер участкалари
Презентациялар
Қурилиш пудрат ташкилотлар реестри