Бош қомус бахш этган саодат

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
қабул қилинганининг 25 йиллигига

Бош қомус бахш этган саодат

2017 йил мустақил Ўзбекистон халқи ҳаётида истиқлолимизнинг ўзи каби яна бир улуғ эврилишлар санаси сифатида тарихга кирмоқда. Негаки, бу йил ҳақиқатан ҳам эл-улус билан янада яқин бўлиш, унинг ташвиш ва муаммоларини англаш ҳамда халқ манфаатларидан келиб чиқиб иш кўришнинг чинакам тимсолига айланди. Бунда, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг халқ дардини юракдан ҳис этиши, ҳаёт ўртага қўяётган муаммоларни ҳал этишни давлатнинг бирдан-бир муҳим вазифаси деб билиши, бунинг учун жон куйдириши, барчани эл-юрт манфаати учун камарбаста бўлишга даъват этиши муҳим аҳамият касб этаётир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўтган йилларимизга бир назар солайлик. Мамлакат пойтахти ва барча шаҳарларимиз қиёфаси ўзгариб, гўзаллашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Биргина Тошкент шаҳрида қанчадан-қанча ҳашаматли кўп қаватли уйлар қуриб битказилгани ва қурилаётганига кўзингиз тушади. Лекин бундай разм солиб қарасангиз, уларнинг аксарияти банклар ёки йирик сармоядорлар томонидан фақат фойда олиш мақсадида қурилган нархи баланд уй-жойлар бўлиб чиқади. Маошига яшаётган фуқаронинг бундай ҳашаматли уйларни сотиб олишга қурби етмаганидан уларнинг кўплари уй-жойга эҳтиёжмандлар томонидан тўлиқ банд этилмаган. Уларни эҳтиёжмандлар эмас – сармоядорларгина кўчмас мулк сифатида сотиб олиши мумкин, сотиб олинмаганлари эса йиллар давомида бўш қолиб, эгасига ҳам, уй-жойга муҳтожларга ҳам фойда бермайди. Ҳолбуки, уларни барпо этиш учун мамлакатнинг қанчадан-қанча моддий ресурслари, ишчи кучи, маънавий салоҳият сарф этилган. Ва бу ҳол жамият ҳаётида табақаланиш кучайишига хизмат қилаётган эди.

Саёз тасаввурлар билан қаноатланмасдан, одамларнинг ҳақиқий ҳаёти билан чуқур танишиш, халқ орасида бўлганда дилдан суҳбатлаша олиш ва эл-улус дардига қулоқ тутиб, муаммоларни теран ҳис эта олиш фазилати давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили сифатида белгиланишида яққол намоён бўлди. Агар шу биргина йилда рўёбга чиқарилган ишлар ва уларнинг амалдаги самаралари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, уларни санаб саноғига етолмаймиз.

Конституциямизнинг 7-моддасида белгиланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир» деган тамойилнинг амалдаги ифодаси сифатида дастлаб Президентнинг виртуал қабулхонаси иш бошлади. Халқ билан мулоқотнинг ана шундай янги тарзи ҳаётга татбиқ этилиб, бу жараён ҳар бир туман ва вилоятда Президентнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилишига олиб келди. Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари орқали миллионлаб одамларнинг ташвиш ва муаммолари қисқа вақт ичида ҳал этиб берилибгина қолмай, шу асосда одамлар ҳаётидаги жиддий муаммоларни ўрганиш ва умумлаштириш натижасида тараққиётимиз стратегиясининг аниқ кўламлари ва йўналишлари ишлаб чиқилди.

Шу ўринда биргина аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун замонавий лойиҳадаги арзон уй-жойлар қуриш борасидаги бугунги кун учун ўта долзарб ҳисобланган ишларни тилга олишнинг ўзи кифоя. Бу жараён амалда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахт аҳолисининг уй-жой муаммосига алоҳида эътибор қаратганидан бошланган эди. Ўшанда уй-жой муаммосини ҳал этиш мақсадида мутлақо янги дастур қабул қилингани айтилиб, беш йил мобайнида пойтахтнинг ҳар бир туманида 20 тадан, жами 200 дан ортиқ кўп хонадонли етти ва тўққиз қаватли уй-жойлар, шундай уйлардан иборат янги турар жой мавзелари қурилиши, бу мавзелар болалар боғчаси, мактаб, поликлиника, спорт муассасалари, савдо мажмуалари, ободончилик ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфратузилма иншоотлари билан таъминланиши ҳамда янги мавзеларда истиқомат қилаётганлар учун замонавий корхоналар қуриш ҳам кўзда тутилиши алоҳида таъкидланган эди. Мана, орадан бир йил ўтди ва одамлар бу истиқболли режанинг ҳаётдаги самарасини ўз турмушида кўриб, халқ дарди билан яшашнинг нақадар ҳаётбахш неъмат эканига шукроналар айтмоқда.

Бу борада қишлоқ массивларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига асосан 2017 йил 15 мингта шундай уй-жой қурилмоқда. Бу мақсадлар учун 2 триллион 35 миллиард сўм маблағ ажратилган. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, қишлоқ аҳолисининг талаб-истаклари ва уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда жорий йилда қўшимча равишда 4 минг 610 та намунавий уй қурилмоқда. Бунинг учун 574 миллиард сўм ажратилган.

Бугунги кунга қадар 10 минг 431 та арзон уй-жой фойдаланишга топширилди. Қолган 9 минг 179 та уй қурилиши жорий йилнинг декабрь ойида якунланади. Ушбу уй-жойлар бўйича муҳтож оилаларга 1 триллион 620 миллиард сўмдан ортиқ ипотека кредитлари 15 йил муддатга ажратилмоқда.

Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 19 мингдан ортиқ қишлоқ оиласи шаҳардагидан қолишмайдиган шинам ва замонавий уй-жойга эга бўлади. 2018 йил ҳам қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қарийб 20 мингта арзон уй барпо этилади.

Ўз навбатида, жорий йилда шаҳарларда намунавий лойиҳалар асосида 7 минг 919 хонадонли 191 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 4 минг 88 квартирали 102 та кўп қаватли арзон ва қулай уй-жой қурилмоқда. Мазкур хонадонлар учун уй-жойга муҳтож аҳоли ва ёш оилаларга 20 йил муддатга 751 миллиард сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари тақдим этилмоқда.

Бугунги кунда 70 та уйнинг қурилиш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 9 қаватли 162 хонадонли 4 та ҳамда пойтахтимизнинг Сергели туманида 2 минг 576 квартирага мўлжалланган 66 та кўп қаватли уй қуриб битказилди ва хонадон эгаларига калитлар топширилди. Қолган кўп қаватли уй-жойларнинг бир қисми бугунги байрам арафасида фойдаланишга топширилган бўлса, қолганлари декабрь ойи охирига қадар эгаларига топширилиши кўзда тутилган.

Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 8 мингдан ортиқ шаҳар оилалари замонавий, шинам ва қулай хонадонларга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурининг янгиланган параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, келгуси йилларда қуриладиган уйлар сони 1,5-2 баробар кўпайтирилган. Хусусан, 2018 йилда жами 15 минг 172 хонадонга эга бўлган 365 та кўп қаватли уй қуриш кўзда тутилган.

Бу қутлуғ жараённинг мустақиллик йилларида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳаётимиз қомуси билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритганда шуни таъкидлаш зарурки, «фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш» Конституциямизнинг муқаддима қисмидаёқ алоҳида таъкидланган. Коммунистик мафкура ва маъмурий-буйруқбозлик асосига қурилган собиқ тузум эса давлат ва жамиятнинг эркин тараққий этишига йўл бермагани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиққан эмас. Конституциямизда белгилаб қўйилган давлат мустақиллиги асосан пахта хомашёси етказиб берадиган, аҳолининг ҳаёт даражаси ва салоҳияти паст, энг қолоқ республика бўлган Ўзбекистонни қисқа вақт ичида барқарор суръатда ўсаётган, кўп қиррали иқтисодиётга эга қудратли давлатга айлантириш имконини бермоқда. Ўз тақдири ва истиқболини ўзи белгилашдек конституцион ҳуқуқ мустақил давлат аҳолисининг ҳаётий манфаатларини олий қадрият сифатида рўёбга чиқариш йўлларини намоён этди.

Ўзбекистон халқлари мамлакатнинг миллий бойликларини ўзгаларга сувтекин арзон баҳода сотишдан қутулиб, уларни ўз ҳаётини фаровон этишга, шаҳарларини обод, қишлоқларини кўркам қилиб қуришга сарфлаш имконига эга бўлди. Маънавий қадриятларини асрлар ғуборидан поклаб, ёшларини улуғ боболар шавкатига муносиб қилиб тарбиялашга, ўз сарҳадларини ўзи ҳимоя қилишга, давлат суверенитетини мустаҳкамлашга, буюк тарихи ҳамда маънавий мероси билан фахр этиш ҳамда уларни бойитишга муваффақ бўлган халқимиз миллий санъати ва маданияти билан ҳам жаҳонни ҳайратга солаётир. Бугунги Ўзбекистонни, юртимизнинг янги қиёфасини, шаҳар ва қишлоқларимиз манзарасини, ҳар жиҳатдан обод қилинаётган ва кўркам қилиб қайта тикланаётган меъморий обидаларни келиб кўришга, қадр топган қадриятларимиздан баҳраманд бўлишга орзуманд сайёҳлар сони йил сайин ошмоқда.

Ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритган халқимиз жаҳон мамлакатлари билан ўзаро муносабат ва борди-келдиларни кенг миқёсда йўлга қўйиб, юртимизга ташриф буюраётган меҳмонлар ва сайёҳлар учун муҳташам меҳмонхоналар, сайёҳлик ва туризм иншоотлари, жаҳон андозаларига мувофиқ хизмат кўрсатиш тармоқларини барпо этмоқда.

Куни кеча фойдаланишга топширилган Бухоро – Мискин янги темир йўли жуда қисқа муддат – қарийб 350 кунда бунёд этилгани билан барчани ҳайратга солмоқда. Шу вақт ичида Қизилқум саҳроси бағрида 355 километр янги темир йўли барпо қилинди. 2016 йил декабрь ойида қурилиши бошланиб, яқинда юк поездлари қатнови йўлга қўйилган Бухоро – Мискин темир йўли мамлакатимизда транспорт коммуникацияси борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳа билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича зарур топшириқлар берган эди. Темир йўл қурилиши Ишнинг яхши ташкил этилгани темир йўл тармоғида лойиҳанинг дастлабки босқичи якунланди. Қурилиш давомида 22 миллион куб метрлик тупроқ ишлари бажарилди. 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк, олтита йўл ўтказгич, бешта станция ва бешта кичик бекат барпо этилди. Бунёдкорлик ишларига икки мингга яқин ишчи-мутахассис, мингдан зиёд замонавий техника ва механизмлар жалб этилди. Ҳозирга қадар Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар Навоий – Учқудуқ – Мискин магистрали орқали 1064 километр йўл босади. Эндиликда бу масофа қарийб юз километрга қисқарди. Мазкур темир йўлни электрлаштириш ниҳоясига етгач, Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездлари қатнови йўлга қўйилади. Шу билан бирга янги темир йўл Қизилқум бағридаги қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш, янги-янги саноат корхоналари ташкил қилиш борасида ҳам катта имкониятлар очади.

Шу кунларда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари тезкорлик билан амалга оширилаётган Урганч – Хива электрлаштирилган темир йўли, Қарши ва Китоб шаҳарларини боғловчи темир йўлнинг электрлаштирилаётгани эса Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларига қатнаётган юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» каби шинам поездларимиз Хива ва Шаҳрисабзга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг ҳам узоғини яқин қилиб, вақтини тежайди, иқтисодиёт равнақига равнақ қўшади.

Бугун Ўзбекистон истиқлол шарофати ва давлатимиз Конституциясида кўзда тутилган ҳақ-ҳуқуқларнинг амалга ошиши туфайли улкан қурилишлар мамлакатига айланди. Айни шу жараёнда Конституциямизнинг 2-моддасида белгилаб қўйилган «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар» сингари асосий тамойиллар рўёбга чиқмоқда. Халқимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳияти ва қудрати, мустақиллик йўлидаги пок ниятли улкан имкониятларни намоён этаётир. Ҳар жабҳада қурилиш, ободончилик, йўлсозлик, бинокорлик. Албатта, ўз куч-қудратига ишонган ва миллий бойликларини эл-юрт манфаатларига сафарбар этган халқгина шундай ҳайратомуз мақсадларни амалга оширишга қодир бўлади. Асосий қонунда белгилаб қўйилганидек, халқ иродасини амалда ифода этган давлатгина халқ манфаатларини олий қадрият ҳисоблаб, бунинг учун зарур шароит яратади.

Бу борада биргина мамлакат пойтахтида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини бутун мамлакатга тимсол сифатида кўрсатиш мумкин. Миллий тараққиётимизнинг янги босқичи бошланганидан буён орадан фақат бир йилгина вақт ўтди. Шу бир йилнинг ўзида қилинган ишларнинг барчаси халқимизни беҳад қувонтириб, келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Эътибор беринг, транспорт қатнови тиғизлашиб, ҳаракат оғирлашган магистрал кўчаларда қанчадан-қанча янги кўприклар қурилди ва қурилмоқда, шаҳар мавзеларини бир-бирига яқин йўллар орқали боғловчи янги йўл ва кўприклар очилди. Анчадан буён тўхтаб қолган метро қурилиши давом эттирилмоқда. Эндиликда метросозлик мамлакатимизда янги темир йўллар қурилишининг яна бир муҳим жараёнига айланди. Юнусобод ва Сергелида метро қурилиши жадал олиб борилаётган шу кунларда Тошкентнинг эстакадалар орқали ўтадиган айланма темир йўлини қуришга киришилди. Дастлабки йўл Сергелини Қўйлик даҳаси билан боғлайди ва Тузель массиви томон давом этади. Метро йўлларининг яқин келажакдаги истиқболини яратаётган лойиҳачи-муҳандислар метронинг «Ўзбекистон» йўналишини «Авиасозлар» бекатидан Қўйлиқ даҳаси, «Беруний» бекатидан Қорақамиш даҳаси, «Чилонзор» йўналишидаги «Буюк Ипак йўли» бекатидан Қорасув даҳаси орқали Тракторсозлар ва Шимоли Шарқ даҳаларига ва «Олмазор» бекатидан «Алгоритм» даҳасигача узайтириш устида иш олиб боришмоқда.

* * *

Конституциямизнинг 41-моддасига биноан «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир». Бинобарин, шахс камолоти, ёшларнинг истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароит яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Кейинги бир йил мобайнида бу борада қилинган ишлар қалбимизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Хусусан, халқимиз фарзандларининг мактабда пухта илм олиш ва айни чоғда бир йўла касб-ҳунар ҳам эгаллаш жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида шу йилдан эътиборан мамлакатимизда ўн бир йиллик таълим тизими йўлга қўйилди. 10-11-синф ўқувчиларининг сифатли ўрта маълумот олиши билан бирга касб-ҳунар эгаллашлари учун зарур шароитлар яратилди. Бунда коллежларда яратилган базалардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этаётир. Шу билан бирга ўн бир йиллик таълим назарда тутилган ҳолда қанчадан-қанча янги мактаб бинолари қурилди ва реконструкция қилинди.  

Нукусда Ибройим Юсупов, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ижод мактаблари ўз фаолиятини бошлади. Андижон ва Фарғона шаҳарларида ҳам Муҳаммад Юсуф ва Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаблари йўлга қўйилмоқда. Жиззах шаҳрида садоқат ва вафо  куйчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки ардоқли шоир номи билан аталган ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, музей ташкил этилди. Мазкур мактаблар ва улар учун зарур шароит яратиш мақсадида янги ўқув бинолари, ётоқхоналар қурилди. Бу мактабларда таълим оладиган истеъдодли ёшлар орасидан номлари зикр этилган қаҳрамон адиблар ва халқ шоирлари каби ўз ижоди билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган ноёб истеъдодлар етишиб чиқиб, шавкатли буюк боболари каби ўз ижоди билан ўзбек халқи номини жаҳонга таратиши шубҳасиз. Бундан ташқари, мамлакатимизда жаҳондаги энг нуфузли олий илм даргоҳлари – университетларнинг филиалларини ташкил этиш жараёни давом этмоқда. Куни-кеча Қарши шаҳрида Губкин номидаги нефть ва газ институтининг тайёрлов бўлими фаолият бошлади. Углеводород конларига бой бўлган мазкур ҳудудда бундай бўлимнинг очилиши маҳаллий мутахассислар тайёрлашда ниҳоятда қўл келади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга» экани алоҳида эътироф этилган. Кейинги бир йил мобайнида бу борада амалга оширилган ишлар ҳам халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда. Аввало, шуни айтиш керакки, яқин-яқингача ҳам фуқароларимиз энг мураккаб жарроҳлик муолажалари учун жуда катта маблағ сарфлаб хориждаги клиникаларга боришни афзал кўришарди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эндиликда пойтахт Тошкентдагина эмас, ҳатто энг олис вилоятларнинг марказларида ҳам хориждаги номдор тиббий муассасалар мутахассислари билан  яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг марказлари очилмоқда. Мураккаб деб ҳисоблаб келинган жарроҳлик, аъзоларни кўчириб ўтказиш амаллари ўз юртимизда бажарила бошланди. Бу тиббиёт соҳасида жуда катта илгарилаш демакдир. Бундан ташқари, юртимизда дори-дармонларнинг баҳосини арзонлатиш, бу борада ҳам аҳоли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фармацевтик саноатини ривожлантиришнинг истиқболли лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Вилоятларимизда доривор ўсимликлардан саноат асосида тиббий препаратлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Тиббиёт муассасаларининг янги тармоқлари вужудга келтирила бошланди. Яқинда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида фойдаланишга топширилган замонавий клиника шундан далолатдир. «Доктор Нусрат» клиник-лаборатория диагностика марказида беморларнинг даволаниши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, бу ерда бош мия томографияси, ички аъзолар, оёқ-қўл мушаклари, қон таҳлили, терапия, гинекология, маслаҳат ва консерватив даволаш, физиотерапия, гемотологик таҳлиллар, ИФА текшируви, кардиологик таҳлил сингари хизматлар кўрсатилмоқда. Мазкур марказ чекка ҳудудларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ибратли ишларнинг навбатдагиси бўлди. Бойсун тумани аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида бунёд этилган марказий поликлиника фойдаланишга топширилиши эса кенг жамоатчиликни мамнун этди.  Соғлиқни сақлаш тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида катта имконият вужудга келди. Инвестиция дастурига биноан барпо этилган поликлиника 200 қатновга мўлжалланган. Унинг қурилишига 2,5 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланди. Муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Амбулатор қабуллар электрон бошқарув тизимида амалга оширилади. Ҳозирга қадар туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ, болалар, хирургия, диагностика, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимларида реконструкция ишларини амалга оширишга қарийб 5 миллиард сўм, юқумли касалликлар бўлими биносини янгидан бунёд қилишга эса 2,5 миллиард сўмлик маблағ сарфланди. Туман қишлоқ врачлик пунктлари негизида оилавий поликлиникалар, 6 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Ҳудуд аҳолисига 5 та «Дамас», битта «Ниссан» русумли санитар автотранспорт воситаси хизмат кўрсатаётир.

Тиббиёт соҳасидаги бундай сифат жиҳатидан янгиланишлар жараёни барча вилоятлар ва туманларимизда давом этмоқда.

* * *

Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма олти йили мобайнида эришилган беқиёс ютуқларимиз ҳамда йўл қўйилган муайян хато ва камчиликларни теран таҳлилдан ўтказиш асосида миллий тараққиётимизнинг янги босқичига асос солиниб, бундан буёнги миллий тараққиётимиз стратегияси ишлаб чиқилди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари бу стратегиянинг илк босқичи сифатида тарихга кирди.

Шу биргина йилда мамлакатнинг катта магистрал йўлларигина эмас, ички йўллари қиёфасида юз берган ўзгаришлар ҳам барчани қувонтирмоқда. Илгари вилоят шаҳарларини қўя туринг, ҳатто пойтахтнинг ўзида ҳам ички йўлларининг ўйдим-чуқурлиги, узоқ вақтдан буён таъмирланмагани кўнгилни хира қилар эди. Бугун ҳатто маҳаллалардаги ички йўллар ҳам равон ва обод қиёфаси билан транспорт қатновини қулайлаштириб, ободлик ва бунёдкорлик кўзгусига айланмоқда. Бош кентимизда боғлар майдони кенгайтирилиб, янги-янги боғлар барпо этилаётир. Шу йилнинг ўзида янгидан очилган Бобур номидаги эко-боғ, Яшнобод туманидаги Махтумқули кўчаси ҳамда шаҳар кичик айланма йўли яқинида барпо этилган «Ашхобод» боғи минг-минглаб тошкентликлар ва пойтахтимиз меҳмонларининг севимли дам олиш масканига айланди. Уларни янада обод қилиш, янги аттракционлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Мазкур боғларда махсус пиёдалар сайри ҳамда велоспорт йўлкалари ташкил қилингани кўпчиликни севинтирмоқда.

Яқинда эса Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов, Фурқат, Навоий ва Олмазор кўчалари оралиғидаги ҳудудда «Тошкент-сити» замонавий халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилиши бошлаб юборилди. «Шаҳар ичидаги шаҳар» услубида жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларидаги бизнес марказлари каби пойтахтимиздаги «Тошкент-сити»да меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо муассасалари, кичик хиёбонлар, фавворалар, турар жой биноларини бир бутун ҳолда ўзида мужассамлаштирадиган бу марказ бунёд этилиши кўзда тутилган. Келгусида бу иншоот меъморий қиёфаси билан Тошкентнинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб, бу қадим шаҳарнинг истиқболини яратиш борасидаги янги лойиҳалар билан танишаётиб, Самарқандда ҳам ана шундай «Самарқанд-сити» бизнес марказини қуриш, шаҳар атрофидаги Чўпонота адирликларига сув чиқариб, дам олиш ҳудудлари, боғлар бунёд этиш тўғрисида кўрсатмалар берди.

Ҳа, шаҳарларимиз қиёфаси кўз ўнгимизда бутунлай ўзгариб, ҳар жиҳатдан обод ва кўркам бўлаётир. Уларда XXI асрнинг янги меъморий қиёфаси яратилмоқда. Айни чоғда барча ҳудудларимиздаги қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжолар обод этилиб, миллий қадриятларимиз улуғланмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда эл-юрт, халқ манфаатлари устувор аҳамият касб этаётганидан далолатдир.

Жиззах нефть заводи, Бухоро вилоятидаги газ-кимё мажмуаси каби мамлакат иқтисодий қудратини оширадиган мажмуалар қурилиши, яна бир қанча истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилаётгани, ташкил этилган кўплаб эркин иқтисодий ҳудудлар ривожланиб бораётгани, айни чоғда, аҳолини электр ва табиий газ, суюлтирилган газ, кўмир брикетлари билан таъминлаш борасидаги муҳим тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилаётгани ҳам халқимиз фаровонлигини юксалтиришга, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур шароит яратишга, энг муҳими, Конституциямизда кўзда тутилган «инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш»нинг барча тамойилларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Дилшод ЖАЛОЛОВ.