Срок работы пробной версии продукта истек. Через две недели этот сайт полностью прекратит свою работу. Вы можете купить полнофункциональную версию продукта на сайте www.1c-bitrix.ru. Байрам қувончга бой бўлди

Байрам қувончга бой бўлди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига

Байрам қувончга бой бўлди

Мамлакатимиз барча ҳудудларида, ташкилот ва идораларда, таълим муассасаларида Конституциямиз қабул қилинган сананинг 25 йиллиги ҳар йилгидан кўра катта шукуҳ билан нишонланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига биноан жойларда мазкур байрамни муносиб ўтказиш бўйича барча зарур тайёргарликлар кўрилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги фармони ушбу санани катта шодиёна билан нишонланишига яна бир сабаб бўлди. Чунки мазкур ҳужжатга мувофиқ, ўз меҳнат фидойилиги билан намуна бўлаётган кўплаб фаол юртдошларимиз «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда соҳанинг бир қатор фаол ходимларига «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Ботир Закиров юксак мукофотлар билан тақдирланганларни қутлар экан, Бош қомусимиз мустақиллигимизни мустаҳкамлашда асосий ҳуқуқий асос экани, унда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли жамият барпо этиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш ғоялари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча тамойиллари ўз ифодасини топгани ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ушбу мукофот халқимизга, жамиятимизда ўзининг фаол меҳнатларини намоён этаётган юртдошларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг намунаси эканини таъкидлади.

– Бутун юртимиз бўйлаб мамлакатимиз Конституциясининг 25 йиллиги катта шодиёна қилинаётган айни дамда кўплаб соҳа вакиллари қатори қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган кўплаб ходимлар юксак мукофот билан тақдирландилар, – дейди Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Козим Тўлаганов. – Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ушбу эътибор ва ғамхўрлик қурувчиларимизга куч-қувват бағишлаб, лойиҳачи ва меъморларимизни янада илҳомлантиради. Бугун 25 йиллигини нишонлаётган Бош қомусимиз ҳам ўз мазмун-моҳияти билан халқимиз бахту саодатини, жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва равнақини ифодалайди. Шу боисдан, Конституциямизнинг ҳар бир моддаси ва унинг мазмунини барчамиз мукаммал ўрганишимиз, билишимиз даркор, деб биламан.

Тадбирда қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган бир қатор аёл мутахассислар ҳам мукофотландилар.

– Авваламбор барча касбдошларимни бугунги байрам билан табриклайман, – дейди қўмитанинг Курилишда стандартлаштириш ва сертификатлаш республика маркази бош мутахассиси Руфа Райвич. – Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимизда аёлларга давлат сиёсати даражасида эътибор берилиб, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кўплаб муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз самарасини бериб, бугун жамиятимизда тадбиркор аёллар сафи кенгайиб бормоқда. Исталган соҳани олиб қаранг, унда аёлларнинг меҳнати ва ҳиссаси ўсиб бораётир. Шу жумладан, бизнинг соҳада ҳам. Бугун қурилиш соҳасининг лойиҳалаштириш, пудрат ва бошқа ташкилотларида кўплаб аёллар муносиб меҳнат қилиб келмоқдалар. Байрам муносабати билан менга топширилган «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони ҳам қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган аёлларга юксак эътибор кўрсатилаётганидан дарак беради.

Тақдирланганлар орасида лойиҳалаштириш ташкилотлари ходимлари ҳам кўпчиликни ташкил этди.

– Бугунги кун биз учун қувончга бой бўлди, – дейди «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони соҳиби, «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ бош лойиҳа институти директори Илҳом Аҳмедов. – Ушбу эътибор бизга янги куч ва ғайрат бағишлади. Ушбу эътибор муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган халқимиз учун ҳар томонлама қулай, шинам ва арзон уй-жойлар бунёд этиш йўлида янада самарали меҳнат қилишга ундайди. Барча юртдошларимизни, қурилиш соҳаси ходимларини бугунги байрам билан самимий табриклайман.

Юксак мукофот билан тақдирланган ёш мутахассислар учун бу кун унутилмас онларга бой бўлди.

– Мен фаолият юритаётган лойиҳалаштириш ташкилоти қурилишни геоахборот билан таъминлашга ихтисослашган, – дейди «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК Давлат шаҳарсозлик кадастри ва электрон геофонд бўлими бошлиғи Азимжон Примов. – Корхонамиз мамлакатимиздаги бош лойиҳа ташкилотларидан бири сифатида қурилишнинг барча жараён ва жабҳаларида зарурий геоахборот – геодезия, картография, геология, геофизика изланишлари олиб боради. Ишимизнинг юқори сифат ва қисқа муддатларда бажарилишини таъминлаш мақсадида институтимиз энг замонавий инновацион техника ва технологиялар билан жиҳозланган. Жамоамизда улкан тажрибага эга мутахассислар билан бир қаторда шижоатга тўла ёш кадрлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг ўз билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориши учун давлатмиз ва институтимиз томонидан барча шароитлар яратилган. Жумладан, Корея Республикасининг KOICA халқаро агентлиги билан ҳамкорликда ўқув-маслаҳат маркази ташкил этилган. Соҳанинг ёш мутахассисларидан бири сифатида бугун шундай мукофотга сазовор бўлганимни, жамоамизда барча ёшларга бўлган ишонч ва эътибор деб қабул қилдим. Ушбу ишончни бор билим ва тажриба, куч-ғайратимни соҳа ривожига сарфлаш орқали муносиб равишда оқлашга ҳаракат қиламан.

Бугунги айём барча ватандошларимизнинг қалбига катта қувонч ва шодлик бахш этди. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва фармойишлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Шу билан бирга, Асосий қонунимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш бўйича дастуриламал вазифасини ўтади.

Биз ҳам ушбу байрам муносабати билан барча юртдошларимизни, шунингдек, эсдалик нишони билан тақдирланган қурилиш соҳаси вакилларини юксак мукофотлар билан муборакбод этамиз. Юртимизда ҳукм сураётган байрам шукуҳи боқий бўлсин!

Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,

«O‘zbekiston bunyodkori» мухбири.

Норматив ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Ўзбекистон Республикаси Да...
Қушилган сана: 02.06.2017
Барча норматив ҳужжатлар
Эълонлар
Барча эълонлар
Тадбиркор учун ер участкалари
Презентациялар
Қурилиш пудрат ташкилотлар реестри