2017 йил – миллат тақдирида

2017 йил – миллат тақдирида

1991 йил не-не аждодларнинг асрий орзуси бўлган истиқлолга эришилган тарихий йил сифатида Ўзбекистон халқи тақдирида янги тараққиёт даврини бошлаб берган бўлса, 2017 йил ҳам аҳамияти жиҳатидан ана шу буюк эврилиш самараларини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлайдиган воқеаларга бой – миллий тараққиётнинг янги босқичи бошланган сана сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиб, бу борада амалга оширилган ишлар моҳияти фақат шунинг ўзи билан чегараланиб қолмайди. Биз илгари бир жойда депсиниб турсак ҳам ҳар бир йилимизни асрларга татигулик давр деб аташга ўрганиб қолгандик.  Аслида эса асрларга татигулик деб 2017 йилни айтсак, айни ҳақиқатга юз бурган бўламиз. Негаки, 2017 йилнинг бошида ёки йил арафасида бошланиб, шу бир йилнинг ўзидаёқ эришилган натижаларни сарҳисоб қилсак, кўз олдимизда ниҳоятда улкан бунёдкорлик, барча соҳаларда улкан янгиланиш жараёнлари намоён бўлади.
Энг аввало, бутун мамлакатда уй-жой қурилиши соҳасида амалга оширилган ишларга эътибор берайлик. Тўғри, истиқлолнинг ўтган 25 йили мобайнида ҳам бу соҳада катта-катта қурилиш ишлари бажарилди. Бироқ қишлоқлардаги замонавий лойиҳадаги намунавий уй-жойлару шаҳарларда тикланган кўп қаватли ҳашаматли уй-жой мажмуаларидан кимлар кўпроқ манфаат кўрди? Асосан аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи у қадар катта бўлмаган ўрта қатлами. Ўрта қатлам, яъни бой фермерлар, бой тадбиркорлар, мол-мулки даромад келтираётган, истаган пайтда ўзига уй-жой қуриш ёки сотиб олишга қурби етадиган аҳоли тоифалари шу уй-жойларнинг эгалари бўлишди. Бир уйда тўрт-беш оила тиқилиб яшаётган, ижара уйларда турган, энди турмуш қурган кўплаб ёш оилаларнинг бундай уй-жойларни сотиб олишга қурби етмасди. Дарё гўё ёнгинамиздан пишқириб оқардию, бироқ ундан аҳолининг эҳтиёжманд қисми баҳраманд эмасди. Сув бўйида сувга зорлар кўп эди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўзбек халқига илк туҳфаси шу бўлдики, ана шу дарё бўйида сувга зорларнинг анча қисми бошпанали, уйли-жойли бўлиб, ҳар жиҳатдан обод, ҳовлиларида болалар майдончалари, савдо ва барча маиший хизмат кўрсатиш тармоқларига эга шаҳарсифат мажмуа тарзидаги кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишди. Боқувчисини йўқотган, иложсизликдан қайга бош уришни билмаган етим-есирлар, ёш оилалар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари вакиллари ўз уй-жойига эга бўлди. Бир йил ичидаёқ шу қадар катта ютуқни қўлга киритиш мумкинлиги халқимизни беҳад мамнун этаётир. Бугун ана шу янги уйларда ҳамюртларимиз 2018 йилни шод-хуррамлик билан кутиб олмоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасида алоҳида таъкидлаганидек, «Аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап.
Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуришни бошладик. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир».
            Эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги учун масъул бўлган қанчадан-қанча ички ишлар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, хавфсизлик идоралари вакиллари ҳам шундай катта бахтга сазовор бўлдилар. 2016 йил охири ва 2017 йил бошида старт берилган бу жараён Тошкентнинг Сергели туманидагина эмас, бутун мамлакатда давом этаётир. Фақат шаҳарлардагина эмас, қишлоқ туманларида ҳам аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари учун  арзон уй-жойлар қуриш катта миқёс касб этди. Янги уй-жойга кўчиб ўтаётганлар учун шундай қулай ипотека кредит шартлари ишлаб чиқилганки, бундай катта имтиёз учун давлатимиз раҳбаридан миннатдор бўлмаган одам қолмади. «Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир», деди давлатмиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида.
            Мамлакатимиз таълим тизимида 2017 йилда амалга оширилган ишларнинг бош мақсади ҳам халқимиз манфаатларини тўкис ҳисобга олишга қаратилди. Шаҳарларда, айниқса, қишлоқ жойларида мактабгача тарбия муассасалари, болалар боғчалари етишмай келаётгани кўпчиликни қийнаб қўйган муаммолар даражасига бориб етган эди. Қишлоқларда кўплаб мактабгача тарбия тармоқлари ўз фаолиятини тўхтатган, борлари ҳам тубдан таъмирга муҳтож ва қаровсиз эди. Бу борадаги аҳволни тубдан яхшилаш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Илгари бизда бундай вазирлик тизими жорий этилмаган эди. Бундан буён мактабгача таълим вазирлиги миллат келажаги учун энг масъул бошқарув бўғинларидан бирига айланди. Фарзандларимизнинг эртанги истиқболи йўлида ташланган бу муборак қадамнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу жараён миллатимиз келажаги учун пухта замин яратишни кўзда тутади. Ҳаётга татбиқ этилаётган истиқбол режалари мактабгача таълим ва тарбия тизимининг янги шаклларини жорий этиш ва мактабгача тарбия муассасалари тармоғини аҳоли талаб ва эҳтиёжларига мувофиқ даражада кенгайтириш, янгидан-янги боғчалар қуриш ва мавжудларини замон талабларига мослаб қайта қуриш, уларнинг моддий-техник аҳволини яхшилаш, энг муҳими эса эл-юртимиз келажаги бўлган фарзандларнинг комил инсон бўлиб шаклланиши, баркамол ҳолда вояга етиши, соғлом ва зукко, зеҳни ўткир авлод бўлиб камол топишини таъминлашга қаратилган. «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) материаллар ва бадиий адабиётларни тайёрлаш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига жорий этиш ишлари замонавий талабларга жавоб бермаслиги таъкидланиб, мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш юзасидан ниҳоятда залворли вазифалар кўндаланг қўйилди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу хусусда ҳам тўхталиб, «Биз ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз, жумладан, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуришимиз, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим», деб таъкидлади.
            Бу жараён мамлакат келажагининг пухта замини ҳисобланади. Боғча тарбияси ва мактабгача таълим тизимидаги янгиланишлар ўз истиқболини мустақил қура оладиган, ҳеч кимга қул бўлмайдиган етук авлодлар шаклланишига хизмат қилади. Таълим ва тарбия жараёни сифати ошади. Бундан буён мактабгача таълим муассасаларида онги улғайган фарзандлар мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётганда таълим жараёнлари самараси ошади, давлат шу соҳага ажратаётган маблағлардан кутилган самара юксалади. Зеҳни ўткир, ўз иқтидор ва истеъдодини Ватан манфаатига сафарбар эта биладиган комил инсонлар камол топади. Улар орасидан буюк аждодларимиз сингари жаҳонга донг таратадиган етук алломалар, адабиёт ва санъат арбоблари, моҳир муҳандис ва меъморлар, спорт усталари етишиб чиқади. Ҳар қандай шароитда ҳам Ватан мустақиллигини сақлаб қола оладиган ўтюрак авлодлар камол топади. Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
            Мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам айни шу мақсадларни кўзда тутади. Шу йилдан эътиборан ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик билдирган таклифлар асосида мактабларимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди. Натижада мактаб таълимида узлуксизлик таъминланди. Энди мактабни битираётган ёшлар олий ўқув юртига кириш учун бир йил вақтини тежайдиган бўлди. Уларнинг айни балоғат ёшидаги шу бир йил етук мутахассис бўлиб етишиш учун сув билан ҳаводек зарур эди. Шу билан бирга касб-ҳунар эгаллаш зарурати ҳам эътиборга олиниб, 11 йиллик таълим жараёни шунга мувофиқлаштирилди. Бордию 11 йил ичида ҳам қайсидир ўқувчи ўзига муносиб бирорта касбни эгаллай олмаган бўлса, унинг ихтиёрида иккита йўл туради. Биринчиси, олий ўқув юртига кириб ўқиш. Иккинчиси, олий ўқув юртига кира олмаган ёки буни ихтиёр этмаган бўлса, исталган касб-ҳунар коллежида икки йил таҳсил олиб ҳунарли бўлиш. Бир сўз билан айтганда, эндиликда ёшларимизнинг танлаш имконияти янада кенгайди. Мурожаатномада қайд этилганидек, мактабларда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш учун Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. 15 та олий ўқув юртида махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилиб, ўрта махсус маълумотга эга беш мингдан ортиқ педагог учун олий маълумот олиш имкони яратилди. Аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номидаги мактаблар, шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети учун пойтахт марказида бинолар мажмуи тубдан таъмирланиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Олий ўқув юртларига ўқишга кирадиган ёшлар билимини синовдан ўтказишда Давлат тест маркази ўтказадиган имтиҳон жараёнларида ҳам ижтимоий адолат қарор топишига хизмат қиладиган катта янгилик жорий этилди. 2018 йилдан бошлаб имтиҳонларнинг натижаси бир кундан сўнг эълон қилинадиган, илгаридек, бир кун тест саволларига жавоб ёзиб 10-15 кун кутилмайдиган бўлди. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кўплаб ишларга эътибор қаратиб, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинганини таъкидлади. Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетларнинг филиаллари 7 тага етди. Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институти, Тошкент шаҳрида АҚШнинг Вебстер университети филиаллари ташкил этиладиган бўлди. Олий таълим муассасаларида талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, сиртқи ва кечки бўлимлар очилмоқда.
«O‘zbekiston bunyodkori» газетаси саҳифаларида мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ва янги темир йўллар қуриш борасидаги мисли кўрилмаган бунёдкорликлар ҳақида жуда кўп ёзилди. Биргина 2017 йилда шу соҳада амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг салмоғи ҳам ниҳоятда юксак бўлди. Биз илгари шаҳар ва қишлоқларимиздаги ички йўлларнинг аҳволига деярли эътибор бермай қўйган эдик. Ўйдим-чуқур йўл ва йўлкалар йиллаб таъмирланмасдан келарди. Шу сабабли келиб чиққан автоҳалокатлар ҳақида гапирилмас эди. Айни кунларда бу борада юз берган ўзгаришлар барчани мамнун этаётир. Катта-катта йўллардаги таъмирлаш жараёнлари, шаҳар ва қишлоқлар, маҳаллаларнинг ички йўлларини ҳам кенг кўламда қамраб олмоқда. Тошкент билан Термизни боғловчи Ўзбекистон автомагистрали ҳамда Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов автомобиль трассасининг жуда катта қисмида йўлларни жаҳон андозалари асосида қайта қуриш ишлари олиб борилди.
Яқинда фойдаланишга топширилган Бухоро – Мискин темир йўл трассасида Қизилқум саҳросида 350 километрдан зиёд темир йўл барпо қилинди. Бу янги темир йўл Ўзбекистонда транспорт коммуникацияси борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яққол далолатдир. Лойиҳанинг дастлабки босқичи мобайнида 120 дан зиёд сунъий иншоот, ўндан ортиқ кўприк,  олтита йўл ўтказгич, бешта станция ва яна шунча кичик бекат қурилди. Бугунга қадар Тошкентдан – Хоразмга қатновчи поездлар 1064 километр йўлни босиб ўтган бўлса, эндиликда масофа салкам юз километр қисқарди. Шу йўлни электрлаштириш ишлари тугаллангач, Тошкент ва Урганч йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездлари қатнайди. Янги темир йўл ўтган ҳудудларда Қизилқумнинг бой минерал хомашё бойликларини ўзлаштириш, янги саноат корхоналари барпо этиш борасида ҳам катта имкониятлар вужудга келади. Урганч ва Хива оралиғида электрлаштирилган темир йўл қурилаётгани, Қарши – Китоб темир йўли электрлаштирилаётгани ҳам юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездлари қатновини ташкил этиш мақсадларига қаратилган.
Янги темир йўллар қуриш ва мавжуд пўлат йўлларни равонлаштириш ҳамда электрлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларимиз кўлами эндиликда хорижлик дўстларимизнинг ҳам алоҳида эътиборини тортаётгани бежиз эмас. Маълумки, Ўзбекистон бир неча йил аввал Афғонистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим лойиҳани амалга ошириб, Хайратон – Мозори Шариф темир йўлининг 75 километрини қуриб фойдаланишга топширган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани жаноблари 4-6 декабрь кунлари мамлакатимизга қилган расмий ташрифи кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув музокаралари чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 та ҳужжат имзоланиб, транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этишга доир ҳужжатларда Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда барпо этиш, шунингдек, Ўзбекистон мутахассислари томонидан Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш белгилангани катта тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Буюк Ипак йўлини тиклаш борасидаги бу ишларнинг амалий аҳамияти ниҳоятда улкан. Агар Ўзбекистондан Ҳиротгача темир йўл борса, бу Ҳиндистон ярим ороли мамлакатлари ва Эрондан Ўзбекистон орқали Европа мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқиладиган энг қулай транспорт коммуникацияси бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрда Қирғизистон Республикаси Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатда ўтган давлат ташрифи кунлари муҳокама этилган яна бир лойиҳага эътибор қаратсак, кўз олдимизда яқин уч-тўрт йил кейинги манзаралар намоён бўлади. Икки давлат раҳбарлари мулоқотида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл магистрали лойиҳаси қисқа муддатларда амалга оширилиши ҳамда шу йўналишда янги автомобиль йўлагини шакллантиришдан ҳар икки томон бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Афғонистон ва Қирғизистон ҳудудлари орқали юқорида айтилган темир йўллар барпо этилишининг аҳамияти Форс кўрфази ва Ўрта денгизни боғловчи Сувайиш каналиникидан заррача кам бўлмайди. Ана шунда Ўзбекистон нафақат Хитой ва Европани, айни чоғда Ҳиндистон ярим ороли давлатларини Европа шимолидаги давлатлар билан темир йўл орқали боғлайдиган йирик транспорт чорраҳасига айланади. Ватанимизнинг темир йўл транзит салоҳиятини мисли кўрилмаган даражага олиб чиқадиган бу лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳар жиҳатдан манфаатлидир.
Кириб келаётган 2018 йил юртимизни ана шу истиқболларга янада яқинлаштиради. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 2018 йилда янги йўллар барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўзда тутилаётган режаларни тилга олар экан, 180 километр узунликдаги темир йўлларни қайта тиклаш ва 200 километрдан ортиқ темир йўлларни электрлаштириш; Тошкент – Урганч – Хива тезюрар поезди ва Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Урганч – Хива туристик поезди ҳаракатини йўлга қўйиш, Тошкент Жанубий вокзали ҳамда Хива янги вокзалини фойдаланишга топшириш; Бухоро – Мискин ва Қарши – Китоб темир йўл йўналишларини электрлаштириш ва Шаҳрисабз билан бирлаштирадиган янги темир йўл тармоғини қуриш; Тошкент шаҳрида Сергели ва Юнусобод метро йўналишлари, пойтахтимиз атрофидаги катта ҳалқа йўл бўйлаб ҳаракат қиладиган ер усти метроси қуриш борасидаги ишларни жадаллаштириш; сифатли хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий инфратузилмалар барпо этиш орқали автомобиль йўллари ва темир йўл йўналишларида йирик транзит хабларини ташкил этиш белгиланганига эътибор қаратди.
Бу жараёнларнинг барчаси қурилиш ва бунёдкорлик соҳасига тўла тааллуқлидир. Шунинг учун ҳам Президентимиз: «Иқтисодиётимизнинг тўла ишга солинмаган, катта салоҳиятга эга йўналишларидан бири – бу қурилиш соҳасидир, – деб таъкидлади. – Келгуси  йилда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш асосий вазифалардан бири бўлади. Биз қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур. Шу мақсадда қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Бу борада хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий мутахассисларнинг чет мамлакатларда малака ошириши учун барча зарур шароитни яратамиз. Келгуси йилда шаҳар ва қишлоқларимизнинг меъморий қиёфасини янада яхшилаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак: ҳар бир бино, у боғча бўладими, шифохона бўладими, ўз асосий вазифасини бажаришдан ташқари, кўриниши билан одамларнинг кайфиятига ҳам бевосита таъсир этади. Шу сабабли ҳудудларда қурилиши режалаштирилаётган ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда эски қолиплардан воз кечиб, инновацион ёндашувларни жорий этиш зарур. Аҳоли, айниқса, ёш оилалар, эски уйларда яшаётган ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, биз арзон ва сифатли уй-жойлар қуриш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шу мақсадда 2018 йилда намунавий ва арзон уй-жойлар қуриш кўламини жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган».
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2017 йил давомида қурилиш соҳасини ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилиш борасида давлатимиз раҳбарининг бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу мавзуда газетамизда бир неча бор чиқишлар қилдик. Энг қувонарлиси, айнан ўтаётган йилда тарихий воқеа – қурилиш соҳаси ходимлари куни белгиланиб, эндиликда ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбасида ана шу байрам ўтказилиши қонунлаштирилди. Бу йил эса ана шу кун муносабати билан мустақиллик йилларида илк бор пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида тантанали йиғилиш ўтказилиб, Президентимиз фармони билан соҳа вакилларидан бир гуруҳига давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди ва Юртбошимизнинг қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Соҳага бўлган бундай эҳтиром ва эътибор мазкур йўлда меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимларни янада шижоат билан ишлашга руҳлантиргани муқаррар.        
Якунланаётган йилимизда халқимизни бой ва фаровон этиш, аҳолининг ўз меҳнатидан манфаатдорлигини ошириш йўлида ташланган буюк қадамлардан яна бири – бу қишлоқ хўжалигини саноат асосида равнақ топтириш юзасидан ҳар бир вилоятда жуда катта инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани билан боғлиқ. Эндиликда камҳосилли ерларга нуқул бир хил экин экиш тажрибасидан воз кечилиб, ҳар бир экиндан олинадиган даромадга қараб иш тутиш анъанаси шаклланмоқда. Фақат пахта ва ғалла билан чекланиб қолмасдан боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик, эчкичилик, отчилик, туячилик ва чорвадорликнинг яна кўплаб соҳаларини кенг кўламда ривожлантириш, пахтани хомашё сифатида сотишдан воз кечиб, уни қайта ишлаш орқали ип-калава, мато ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олувчи йирик мажмуалар қурилиши бўйича катта қадамлар ташланди. Қашқадарё, Навоий вилоятлари, кўплаб туманларимизда бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Самарқанд ва Наманган вилоятларида боғдорчиликни саноат асосида йўлга қўйиш юзасидан йил давомида амалга оширилган ишлар халқимиз ғайратига ғайрат қўшмоқда. Меваларни йил бўйи асрайдиган йирик совуқхоналар қурилмоқда. Аҳолининг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш йўлида катта-катта имкониятлар яратилмоқда.
Албатта, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг жуда кўплаб соҳаларида бир йил мобайнида амалга оширилган кўламдор ишларнинг барчасини санаб адоғига етиш қийин. Энг муҳими, биз 2017 йил мобайнида бир жойда депсиниб қолиш асоратидан қутулдик. Барча тармоқларда – иқтисодиёт жараёнларидан тортиб ижтимоий соҳаларгача янгиланишга юз тутилгани мамлакат фуқароларининг эртанги кунга ишончини оширмоқда. Одамлар ўз ҳаётидаги ўзгаришлардан илҳом олмоқда. Янги-янги ташаббуслар, ғоялар, таклифларини баралла айтмоқда.  Мамлакат келажаги йўлида ҳамма бирдек жон куйдириб ишлаши қандай хайрли, кўркам самара бераётганидан фахр-ифтихор қилмоқда.
Биз, «O‘zbekiston bunyodkori» газетаси таҳририяти ҳам йил давомида азиз газетхонларимизга турли мавзуларда чиқишлар қилдик. Ўйлаймизки, биз билан ҳамкорликда бўлганлар, газетанинг ҳар сони чиқишини интиқлик билан кутган муштарийларимизнинг ишончларини оқладик. Таҳририят ходимлари бундан кейин ҳам газетхонларимизга яқин маслакдош бўлишга ҳаракат қиламиз.  
Фикр-мулоҳазаларимизни мухтасар ҳолда ифода этадиган бўлсак, 2017 йил халқимиз, миллатимиз тақдирида яратган энг буюк ўзгариш ана шу қутлуғ жараёнларда мужассамдир.

Дилшод ЖАЛОЛОВ.